«Барселона» Родри ва Жоау Канселу трансферларини 17 август куни расман эълон қилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Каталониянинг Sport нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, каталонияликлар Родри борасида «Манчестер Сити» билан келишувга эришган. Трансфер қиймати бонуслар билан бирга 76,5 млн евро атрофида бўлиши айтилмоқда. 30 ёшли ярим ҳимоячи «Барселона» билан 2030 йилгача мўлжалланган шартнома имзолайди.
2024 йилги «Олтин тўп» соҳиби «Манчестер Сити» сафида етти мавсум ўтказди. У жамоа билан тўрт марта Англия чемпиони бўлди ва 2023 йилги Чемпионлар лигаси финалида ғалаба голини урди. Родрининг Англия клуби билан амалдаги шартномаси тугашига бир йил қолган эди.
Жоау Канселу эса «Ал-Ҳилол» билан шартномасини бекор қилганидан кейин «Барселона»га эркин агент сифатида қўшилиши кутилмоқда. Португалиялик ҳимоячи аввал ҳам каталонияликлар сафида тўп сурган ва клубда фаолиятини давом эттириш учун маошини камайтиришга рози бўлгани хабар қилинган.













