«Ипсвич Таун» «Страсбур»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Хулио Энсисони доимий асосда ўз сафига қўшиб олди.
22 ёшли футболчининг трансфер пакети бонуслар билан бирга 30 млн евродан ошади. Келишувга Энсисонинг кейинги трансферидан «Страсбур»га улуш ажратиш банди ҳам киритилган.
Парагвайлик футболчи тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтди ва «Ипсвич» билан 2031 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган беш йиллик шартнома имзолади.
Энсисо учун «Портман Роуд» бегона эмас. У 2024/25 йилги мавсумнинг иккинчи ярмини «Брайтон»дан ижарага олинган ҳолда «Ипсвич»да ўтказган. Футболчи ўша даврда 13 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол урган ва 3 та голли узатмани амалга оширган.
Кейинчалик «Страсбур»га кўчиб ўтган Энсисо Франция клуби сафида барча мусобақаларда 42 та ўйин ўтказиб, 12 та гол урди. У асосий позицияси — ҳужумкор ярим ҳимоядан ташқари, чап қанот ва марказий ҳужумда ҳам ҳаракат қила олади.
«Ипсвич» Энсисо билан чекланиб қолмоқчи эмас. Англия клуби «Страсбур»нинг яна бир футболчиси Абдул Уаттара трансферини ҳам якунлаш арафасида. 20 ёшли Кот-д’Ивуар футболчисининг ҳам «Ипсвич» билан узоқ муддатли шартнома имзолаши кутилмоқда.













