"Бавария" ярим ҳимоячиси Жамал Мусиала ўртоқлик учрашуви вақтида ҳушидан кетганидан кейин соғлиғи билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаяпти.
23 ёшли футболчи "Лейпциг"га қарши 3:1 ҳисобида якунланган баҳснинг 83-дақиқасида, гол урганидан кўп ўтмай, кучли иссиқлик таъсирида ўзини ёмон ҳис қилган. Мусиаланинг аҳволи оғирлашаётганини пайқаган жамоадоши Исмаэль Сайбари унинг ёнига шошилиб бориб, майдонга қулаб тушишига йўл қўймаган.
Бир неча дақиқа давомида тиббий ходимлар Мусиалага ёрдам кўрсатган. Шундан сўнг футболчи майдонни мустақил равишда тарк этган ва уни Бара Сапоко Ндиайе алмаштирган.
Bild маълумотига кўра, Мусиала бугун эрталаб жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий ҳамроҳлигида машғулот майдонига келган ва индивидуал тарзда ишлаган. У дриблинг ҳамда дарвозага зарбалар устида машқ қилган.
Машғулот вақтида футболчида ҳеч қандай муаммо кузатилмаган. Шунингдек, у жисмоний тайёргарлик тестидан ҳам муваффақиятли ўтган.
Мусиала машғулотдан кейин уни кутиб турган мухлисларга дастхат тарқатган. Манба таъкидлашича, футболчи "мутлақо бахтли" кўринган ва шанба куни юз берган ҳодисадан кейин яхши тикланган.













