«Манчестер Юнайтед» ва Англия миллий жамоасининг собиқ ҳужумчиси Уэйн Руни фаолияти давомида «Барселона»да тўп суришни истаганини айтди.
«Мен ўйнашни хоҳлаган Европа жамоаси? “Барселона”да тўп суришни жуда истардим. Айниқса, бизга қарши номинал ҳужумчисиз ўйнаб, финалда ғалаба қозонган жамоада.
Уларнинг сафида ўйнаш мен учун осон бўларди, чунки ўйин услуби менга жуда мос келарди. Аммо уларга қарши майдонга тушиш ниҳоятда қийин эди», — деди Руни.
Англиялик собиқ футболчи 2011 йилги Чемпионлар лигаси финалини назарда тутган. «Барселона» ўша баҳсда Лионел Мессидан сохта «тўққизлик» сифатида фойдаланиб, «Манчестер Юнайтед»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этганди.
«Уэмбли»даги финалда Педро ҳисобни очган, Руни эса биринчи бўлимда мувозанатни тиклаган. Иккинчи бўлимда Месси ва Давид Вилья урган голлар каталонияликларга бош совринни тақдим этган.
Руни 2009 йилги Чемпионлар лигаси финалида ҳам «Барселона»га қарши майдонга тушган. Римда ўтказилган ўша учрашувда Пеп Гвардиола жамоаси 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
Собиқ ҳужумчи 2010 йилда «Манчестер Юнайтед»дан кетишни ўйлаганида «Барселона» билан музокаралар ҳам ўтказган. У Месси, Хави, Андрес Инйеста ва Серхио Бускетс билан бир жамоада ўйнаш имкониятини жиддий кўриб чиққан, аммо якунда Манчестерда қолишга қарор қилган.













