"Ньюкасл" "Бенфика"дан қанот ҳимоячиси Амар Дедични трансфер қилганини расман эълон қилди. Бу ҳақда Англия клубининг расмий сайти хабар берди.
24 ёшли босниялик футболчи "Ньюкасл" билан 5 йиллик шартнома имзолади. Дедич янги жамоасида 37-рақам остида тўп тепади. Норасмий маълумотларга кўра, трансфер қиймати 30 миллион еврони ташкил этган.
"Мен учун "Ньюкасл"га қўшилиш — алоҳида ҳиссиёт ва катта шараф. Бу ерда эканимдан жуда хурсандман ва клуб ҳамда унинг ажойиб мухлислари учун майдонга тушишни сабрсизлик билан кутяпман", — деди Дедич шартнома имзолаганидан сўнг.
Ўтган мавсумда ҳимоячи "Бенфика" сафида барча мусобақалар доирасида 45 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та гол урди ва 5 та голли узатмани амалга оширди.













