"Реал" ўз тарбияланувчиси Тьяго Питарч билан янги шартнома имзолади. Бу ҳақда ESPN мухбири Родра хабар берди.
Манбага кўра, янги келишувдан сўнг 19 ёшли ярим ҳимоячи Мадрид клуби асосий жамоасининг тўлақонли аъзосига айланган. Шу тариқа, "Реал" сўнгги мавсумда ўзини кўрсатган ёш футболчига узоқ муддатли ишонч билдирмоқда.
Питарч ўтган мавсумда "Реал" асосий жамоаси сафида 16 та ўйинда майдонга тушиб, жами 817 дақиқа ҳаракат қилди. Унинг асосий жамоага кўтарилиши клуб академияси — "Ла Фабрика"нинг сўнгги йилдаги энг ёрқин воқеаларидан бири бўлди.
Жозе Моуриньо ҳам Питарчни янги мавсумда асосий жамоада олиб қолиш тарафдори бўлган. AS маълумотига кўра, ёзда футболчига, хусусан, "Фулхэм"дан жиддий қизиқиш бўлган, аммо Питарчнинг ўзи Мадридда қолиб, асосий таркибдаги ўрин учун курашишни афзал кўрган.
"Реал" 2026/27 йилги мавсум учун эълон қилган рақамларда ҳам Питарч асосий жамоа футболчилари қаторига киритилган ва унга 27-рақам берилган.
Айни пайтда ярим ҳимоячи жароҳатини даволамоқда. У мавсумолди тайёргарлигида чап тиззасининг ички ён боғламидан жароҳат олган ва тахминан бир ярим ой майдонга туша олмаслиги айтилган. Шунга қарамай, бу ҳолат Моуриньонинг футболчига бўлган ишончини ўзгартирмаган.
Transfermarkt портали Питарчнинг ҳозирги бозор қийматини 20 млн еврога баҳоламоқда.













