Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) президенти Салмон бин Иброҳим Ал-Халифа ФИФА президенти Жанни Инфантинони қўллаб-қувватлаган Қатар футбол ассоциациясини танқид қилди.
Reuters маълумотига кўра, Инфантинони Марокаш, Қатар ва яна тўртта араб мамлакати футбол федерациялари қўллаб-қувватлаган.
"Қитъа миқёсидаги бирдамлик биринчи даражали аҳамият касб этаётган бир пайтда, сизнинг ҳозирги позициянгиз ва ОФК президентининг қонуний ваколатларини шубҳа остига қўяётган ҳаракатларингиз Осиё футболи бирлигига путур етказмоқда. Бу эса жаҳон миқёсида Осиё футбол оиласи манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича умумий имкониятларимизни заифлаштиради", — дея Ал-Халифанинг сўзларини келтиради The Times.
Аввалроқ ФИФА янги тижорий тузилманинг маълум улушини хусусий инвесторларга сотиш орқали 4,2 миллиард доллар жалб қилиш ниятида эканини маълум қилганди. Ушбу ташаббус футбол ташкилотлари томонидан кескин танқидга учрагач, ФИФА лойиҳани амалга оширишдан воз кечди.
The Telegraph хабарига кўра, мазкур тижорий лойиҳа атрофидаги можародан кейин УЕФА Инфантино ФИФА президенти лавозимидан ўз хоҳиши билан кетмаса, унга нисбатан ишончсизлик вотуми билдиришни режалаштирмоқда.













