Машҳур немис собиқ футболчиси Лотар Маттеус "Бавария"нинг Бундеслигада муносиб рақиблари бор-йўқлиги ҳақида фикр билдирди.
Мюнхенликлар Германия чемпионатининг сўнгги икки мавсумида ҳам чемпионликни қўлга киритди. Ўтган мавсумда эса жамоа Германия кубогида ҳам ғолиб чиққан.
"Агар фавқулодда бирор воқеа юз бермаса, Бундеслигада ҳеч бир жамоа "Бавария"нинг супертаркиби билан чемпионлик учун курашишга етарли даражага эга эмас.
Ҳатто янада кўпроғини айтаман: "Бавария"нинг иккинчи таркиби ҳам Дортмунднинг "Боруссия", "Штутгарт", "РБ Лейпциг" ва "Байер" билан чемпионлик учун курашиш имкониятига эга бўларди. Мана шунинг ўзи "Бавария" нега яна мутлақ фаворит ҳисобланаётганини жуда яхши тушунтиради", — деди Маттеус Sport Bild нашрига берган интервьюсида.
22 август куни Венсан Компани шогирдлари Германия Суперкубоги доирасида Дортмунднинг "Боруссия" клубига қарши майдонга тушади. 28 августда эса "Бавария" Бундеслиганинг 2026/27 йилги мавсуми 1-турида "Штутгарт" билан учрашади.













