«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ футболчиси Пол Скоулз йўл ҳаракати қоидаларини бузгани — тезликни оширгани учун ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилди. Скоулз Range Rover автомобилини бошқараётганда ўтган йилнинг ноябрь ойида ва жорий йилнинг март ойида тезликни оширгани сабабли икки марта айбдор деб топилди.
Собиқ Англия терма жамоаси аъзоси 6 ойга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Шунингдек, унга 1472 фунт стерлинг миқдорида жарима ва суд харажатларини тўлаш мажбурияти юкланди. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар бермоқда.
Пол Скоулз бутун фаолиятини «Манчестер Юнайтед»да ўтказган. Ярим ҳимоячи «қизил иблислар» сафида 717 та ўйинда майдонга тушиб, 155 та гол урган ва 84 та голли узатмага муаллифлик қилган.













