Ўзбекистон Суперлигасининг 18-туридан ўрин олган ОКМК ва "Динамо" жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди.
Олмалиқдаги ОКМК спорт мажмуасида ўтган баҳсда меҳмонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувдаги ягона гол иккинчи бўлим бошида киритилди. 48-дақиқада Фирдавс Абдураҳмонов Михаил Штефаннинг узатмасидан унумли фойдаланиб, "Динамо"ни ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Қолган дақиқаларда ОКМК ҳисобни тенглаштиришга уринган бўлса-да, Самарқанд жамоаси ўз устунлигини сақлаб қолди ва сафардан уч очко билан қайтди.
Учрашувни бош ҳакам Акобирхўжа Шукуруллаев бошқарди. VAR вазифасини Достонбек Раҳмонов бажарди.
Баҳсдаги ягона огоҳлантириш 66-дақиқада "Динамо" футболчиси Ойбек Ўрмонжоновга берилди.













