«Алавес» ҳужумчиси Мариано Диас янги мавсумни жуда муваффақиятли бошлади.
33 ёшли футболчи Ла Лиганинг 1-турида «Хетафе»га қарши учрашувда (3:0) битта гол урди ва иккита голли узатмани амалга ошириб, жамоасининг ҳар учала голида бевосита иштирок этди.
Иккинчи турда эса «Алавес» сафарда «Райо Вальекано» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Мариано иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушиб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолган гол муаллифи бўлди.
Шу тариқа, «Реал»нинг собиқ ҳужумчиси Ла Лиганинг дастлабки икки турида 2 та гол ва 2 та голли узатма қайд этиб, жами 4 та голли ҳаракатни амалга оширди.
Эътиборлиси, Мариано ҳар икки учрашувда ҳам иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушган. У қисқа вақт ичидаёқ «Алавес»нинг мавсум бошидаги энг самарали футболчиларидан бирига айланди.
Диас «Алавес» сафига ўтган йил ёзида келиб қўшилган.













