"Барселона"нинг ўнг қанот ҳимоячиси Эктор Форт Дортмунднинг "Боруссия" клуби ва "Реал Сосьедад"нинг трансфер мақсадлари қаторида қолмоқда. "Боруссия" футболчига жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Журналист Жерар Ромеро маълумотига кўра, Форт учун курашда Дортмунд клуби асосий даъвогар ҳисобланади. Бироқ немис клуби 20 ёшли футболчини сотиб олишдан аввал ҳозирги таркибдаги бир нечта ўйинчи билан хайрлашиши керак.
"Реал Сосьедад"да эса вазият янада мураккаб. Басклар ҳозирча "Барселона" талаб қилаётган трансфер маблағини ҳам, футболчининг маош борасидаги талабларини ҳам қондириш имконига эга эмас. Форт "Реал Сосьедад" ҳимоя чизиғини кучайтириш учун кўриб чиқилаётган номзодлардан бири экани ҳам хабар қилинган.
Аввалроқ "Барселона" ўз тарбияланувчисининг трансферидан тахминан 20 миллион евро ишлаб олишни режалаштираётгани маълум бўлган. Айрим хабарларга кўра, каталонияликлар кейинги сотувдан катта фоиз олиш шарти билан нархни пасайтиришга ҳам тайёр.
Форт ўтган мавсумни "Эльче"да ижара асосида ўтказди.













