"Барселона" ёзги трансфер ойнаси якунлангунига қадар янги марказий ҳимоячи харид қила олмаса, Андреас Кристенсенга кўпроқ имконият беришни режалаштирмоқда.
Marca маълумотига кўра, сўнгги икки мавсумда жароҳатлар даниялик футболчининг мунтазам ўйнашига тўсқинлик қилди. Шунга қарамай, каталонияликлар ёзда унинг шартномасини узайтириб, футболчининг техник имкониятларига ишонч билдирди.
Кристенсен мавсумолди тайёргарлик жараёнида яхши таассурот қолдирган ва назорат учрашувларидаги ишончли ҳаракатлари билан мураббийлар штаби ишончини қозонган.
Айни пайтда "Барселона" янги марказий ҳимоячи масаласида қарор қабул қилиши керак. Рональд Араухонинг кетиши ва Эрик Гарсиянинг доимий равишда ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ишлатилиши марказда янги футболчига эҳтиёжни оширган.
Бироқ клубнинг бу позицияни кучайтириши янги марказий ҳужумчи трансферига ҳам боғлиқ. Агар "Барселона" янги "9-рақам" учун катта маблағ сарфласа, марказий ҳимоячи харид қилиш имконияти сезиларли даражада камаяди.
Шундай вазиятда 30 ёшли Кристенсен ички ечим сифатида кўрилмоқда. У янги мавсумда аввалги йилларга нисбатан кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши мумкин.













