«Манчестер Сити» Бразилиянинг «Палмейрас» клуби вингери Аллан Элиас трансфери бўйича музокараларни давом эттирмоқда. Яқин соатларда томонлар ўртасидаги навбатдаги музокаралар ўтказилиши ва бу босқич ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин.
Globo Esporte маълумотига кўра, «Палмейрас» 22 ёшли футболчининг трансферидан 35–40 миллион евро атрофида маблағ олишни муҳокама қилмоқда. «Манчестер Сити»нинг расмий таклифи ҳақида ҳозирча маълумот йўқ, аммо клублар ўртасида музокаралар бошланган. Алланнинг шартномасидаги товон пули эса 100 миллион евро этиб белгиланган.
Аллан «Палмейрас» тарбияланувчиси ҳисобланади ва клубнинг асосий футболчиларидан бирига айланган. Бразилия клуби аввалроқ «Астон Вилла»нинг футболчи учун 25 миллион евро ва яна 5 миллион евро бонуслардан иборат эҳтимолий таклифига ижобий муносабат билдирмаган.
«Манчестер Сити» эса янги мавсумдаги АПЛдаги илк учрашувини 23-август куни «Борнмут»га қарши ўтказади.













