«Реал» бош мураббийи Жозе Моуринью Мадриддаги Ла-Финка ҳудудига яна кўчиб ўтди. Португалиялик мутахассис «Қироллик клуби»даги биринчи фаолияти даврида — 2010-2013 йилларда яшаган уйини яна ижарага олди. Бу ҳақда Mundo Deportivo хабар бермоқда.
Манба маълумотига кўра, уйнинг умумий майдони қарийб 1400 квадрат метрни ташкил этади ва у 5000 квадрат метрдан ортиқ ҳудудда жойлашган. Уйнинг ойлик ижара ҳақи тахминан 20 минг еврони ташкил қилади.
Қайд этилишича, уй кенг хоналар, баланд шифтлар ва табиий ёруғликни яхши таъминлайдиган катта деразаларга эга. Ички дизайн турли функционал ҳудудларга ажратилган бўлиб, сокин ва қулай муҳит яратилган. Бу доимий равишда жамоатчилик ва ОАВ эътиборида бўладиган мутахассис учун муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Ҳовлида кўкаламзор ҳудудлар, дам олиш жойлари ва катта бассейн мавжуд. Уйнинг ички ва ташқи қисмлари ягона яшаш ҳудуди сифатида лойиҳалаштирилган.
Моуриньюнинг айнан Ла-Финкани танлашида махфийлик асосий омиллардан бири бўлган. Ҳудуддаги кўчалар умумий фойдаланиш учун очиқ эмас. У ерга фақат яшовчилар ва махсус рухсатга эга ходимлар кириши мумкин.
Моуринью «Реал»даги биринчи уч йиллик фаолияти давомида мазкур уй ижараси учун жами тахминан 720 минг евро сарфлаган.













