«Бавария» ҳужумчиси Харри Кейн Германияда 2025/26 йилги мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топилди.
Англия терма жамоасининг 33 ёшли ҳужумчиси Kicker журнали томонидан ўтказилган овоз бериш якунларига кўра ғолиб чиқди. Сўровномада Германия спорт журналистлари ассоциациясининг 659 нафар аъзоси иштирок этди.
Кейн 272 та овоз тўплаб, фаолиятида илк бор ушбу совринни қўлга киритди. У «Бавария» вингери Майкл Олисени ортда қолдирди. Олисе 203 та овоз билан иккинчи бўлди. У ўтган йили ҳам иккинчи ўринни эгаллаганди. Ўшанда соврин 191 та овоз тўплаган Флориан Виртцга насиб этган.
Кучли учликни «Штутгарт» ҳужумчиси Дениз Ундав 61 та овоз билан якунлади.
Журналистлар Венсан Компанини мавсумнинг энг яхши мураббийи деб топишди. «Бавария»ни бошқараётган бельгиялик мутахассис 314 та овоз олди. У ўтган йилги ғолиб, «Фрайбург» бош мураббийи Юлиан Шустерни 87 та овоз ва «Штутгарт» устози Себастьян Хёнессни 53 та овоз билан ортда қолдирди.
Кейн ва Компани совринларини жума куни Мюнхендаги «Альянц Арена»да, Бундеслиганинг «Штутгарт»га қарши биринчи тур учрашуви вақтида қабул қилиб олади.
«Йил футболчиси» соврини 1960 йилдан, «Йил мураббийи» мукофоти эса 2002 йилдан буён топшириб келинади.
Футболчилар орасида Франц Беккенбауэр тўртта соврин билан рекордчи ҳисобланади. Мураббийлар орасида эса Юрген Клопп ва Феликс Магат учтадан соврин билан энг яхши натижага эга.













