«Ал-Ҳилол» «Арсенал» ҳужумчиси Габриэл Мартинелли трансфери бўйича Лондон клуби билан келишувга яқинлашмоқда.
CBS Sports маълумотига кўра, «Арсенал» саудияликлар таклиф қилаётган суммадан 8 миллион евро кўпроқ маблағ талаб қилмоқда. Шунингдек, «канонирлар» келишувга футболчининг келажакдаги трансферидан маълум фоиз олиш имконини берувчи бандни киритишни ҳам кўриб чиқмоқда.
Қайд этилишича, «Ал-Ҳилол» бразилиялик футболчига йилига қарийб 20 миллион евро маош ва қўшимча бонуслар таклиф қилишга тайёр. Бу Мартинеллининг «Арсенал»да олаётган ҳозирги маошидан деярли икки баравар кўп.
Ўтган ёзда воситачилар Мартинеллини «Ан-Наср»га таклиф қилишган эди. Ўша пайтда «Арсенал» футболчисини 85 миллион евродан юқори баҳолаганди. Бироқ бразилиялик футболчининг ўзи Саудия Арабистони клубига ўтишни рад этган.













