«Барселона»нинг янги футболчиси Энтони Гордон жамоада марказий ҳужумчи позициясида ўйнашга тайёр эканини маълум қилди.
Англиялик футболчи «Эльче»га қарши дебют учрашувида (5:0) захирадан майдонга тушиб, иккита голли узатмани амалга оширди. Ўйиндан сўнг Гордон марказий ҳужумчи роли унга яхши таниш эканини таъкидлади.
«Ўтган мавсумда бу позицияда кўп ўйнадим ва менимча, вазифамни яхши бажардим. Оддий «тўққизлик»ларга нисбатан менинг кучли жиҳатларим бошқача. Ҳужумларни ташкил этишда шерикларимга ёрдам бера оламан ва бўш ҳудудларга очила оламан. Бу позицияда ўйнаш менга ёқади».
Шунингдек, Гордон дарвозага ўзи зарба бериш ўрнига нима учун Фермин Лопесга узатма берганини ҳам тушунтирди.
«Бу тўғри қарор эди. Биз — жамоамиз. Бу ерда гап менинг голларим ҳақида эмас», — деди Гордон.













