«Вест Хэм» бир неча ҳафта давом этган музокаралардан сўнг «Арсенал» қанот ҳужумчиси Райсс Нелсонни ўз сафига қўшиб олишга яқин турибди. Бу ҳақда клубга яқин манба ExWHUEmployee хабар берди.
Аввалига «болғачилар» ушбу трансферни амалга ошириш борасида иккиланган, аммо ҳозирда келишувни якунлашга тайёр. Шу билан бирга, клуб бошқа вариантларни ҳам кўриб чиқмоқда. Улар орасида «Викинг» вингери Эдвин Аустбё ҳам бор.
«Қанот футболчиларига келсак, Райсс Нелсон бўйича келишув деярли тайёр. Менга айтишларича, энди фақат «Вест Хэм»нинг якуний қарорини кутиш қолган. Клуб бошқа вариантларни ҳам кўриб чиқмоқда, «Викинг» футболчиси Эдвин Аустбё шулардан бири», — деди ExWHUEmployee.
Хабарларга кўра, Нелсонни тахминан 3 миллион фунт эвазига сотиб олиш мумкин. Бироқ унинг маоши «Вест Хэм» учун асосий муаммолардан бири бўлиши мумкин. Футболчи «Арсенал»да ҳафтасига қарийб 100 минг фунт маош олади.













