Каталониянинг «Барселона» клуби қанот ҳимоячиси Эктор Форт фаолиятини Германия Бундеслигасининг етакчи жамоаларидан бирида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда Bild нашри журналистлари хабар бермоқда.
Манба маълумотига кўра, Дортмунднинг «Боруссия» клуби 20 ёшли футболчини ўз сафига қўшиб олишга яқин турибди. Ўтган дам олиш кунлари «арилар» вакиллари Барселонага ташриф буюриб, Фортнинг эҳтимолий трансфери бўйича музокаралар ўтказган.
Каталония клуби қанот ҳимоячисининг трансферидан 10 миллион евродан ортиқ маблағ ишлаб олишни режалаштирмоқда.
2025/2026 йилги мавсумда Форт ижара асосида «Эльче» сафида тўп тепди. Эктор 14 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.













