Қозоғистон ўсмирлар терма жамоаси вингери Карим Мендиханов "Барселона" ёшлар жамоасида дебют қилди. Бу ҳақда Sports.kz хабар берди.
Футболчи ўзининг Instagram саҳифасида "Кадет А" (U-16) жамоаси таркибида "Ла Масия" академиясининг ички жамоасига қарши ёпиқ машғулот ўйинидан суратлар жойлади.
"Дебют", — дея қисқа изоҳ қолдирди қозоғистонлик футболчи.
15 ёшли Мендиханов жорий йилнинг июль ойида "Ла Масия" академиясида муваффақиятли кўрикдан ўтгач, "Барселона" билан уч йиллик шартнома имзолаган эди.
Ушбу тарихий трансферга қадар Уральск шаҳрида туғилган ёш футболчи бир неча йил Испанияда яшаб, Каталониянинг "Серданьола" ва "Сан-Кугат" ўсмирлар жамоаларида тўп тепган. Айнан шу ерда у "Барселона" скаутлари эътиборини ўзига қаратган.













