Туриннинг «Ювентус» клуби ярим ҳимоячиси Фабио Миретти фаолиятини Туркия чемпионатида давом эттириши мумкин. Инсайдер Яғиз Сабунджуоғлунинг маълумотларига кўра, футболчининг хизматларига Истанбулнинг «Бешиктош» клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Туркия томони «кекса синьора» вакиллари билан музокаралар олиб бормоқда. Айни пайтда клублар келишувга эришишга жуда яқин турибди.
Эслатиб ўтамиз, Миретти «Ювентус» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. Ярим ҳимоячи туринликлар сафида жами 106 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол муаллифи бўлган ва 6 та голли узатмани амалга оширган.
Футболчининг амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Унинг бозор қиймати 15 миллион еврога баҳоланмоқда.













