«Лидс Юнайтед» бош мураббийи Даниэль Фарке Лига кубогида «Ноттингем Форест»га қарши ўйинда жамоасининг 2:0 ҳисобидаги ғалабасини юқори баҳолади. Иккинчи бўлимда Даниэл Жеймс ва Лукас Нмеча томонидан киритилган голлар «Лидс»ни турнирнинг учинчи босқичига олиб чиқди.
«Менимча, бугунги ғалабамиз мутлақо муносиб бўлди. Биз биринчи сониядан охирги сониягача устунлик қилдик. Йигитларни ғалаба ва кўрсатган ўйин даражаси учун мақтамоқчиман», — деди Фарке.
Мураббий иккинчи бўлимда ҳисобни очган Даниэл Жеймснинг ўйинини ҳам алоҳида таъкидлади:
«У ажойиб ўйнади. Хавфли вазиятлар яратди, чиройли паслар берди ва совуққонлик билан гол урди».
«Лидс» тўрт кун ичида «Ноттингем» устидан иккинчи ғалабасини қўлга киритди — жамоалар ўтган дам олиш кунларида АПЛ доирасида ҳам учрашган эди.













