Италия Жанни Инфантинонинг ФИФА президенти сайловидаги номзодини қўллаб-қувватламайди.
Тегишли баёнотни бугун Италия футбол федерацияси (FIGC) эълон қилди.
«Қарор FIGCнинг ФИФА президенти томонидан халқаро мусобақаларни бошқариш ва уларни ривожлантириш бўйича илгари сурилган сўнгги ташаббусларга нисбатан УЕФА ва унинг президенти Александер Чеферин билан тўлиқ ҳамжиҳатликдаги позициясини аниқ ва шаффоф ифодалашга қаратилган», — дейилади FIGC баёнотида.
«Биз УЕФА ва бошқа Европа федерациялари билан ҳамкорликни давом эттирамиз. Футболнинг хизматга асосланганлик, бирдамлик, барқарорлик ва мухлисларнинг марказий ролига таянган қарашларини илгари суриш ниятидамиз. Биз футболнинг ўсиши, янгиликларни жорий этиши ва шу билан бирга ўзининг асосий тамойилларини ҳимоя қилишига имкон берган мулоқот, тинглай билиш ва умумий масъулият модели тарафдоримиз», — деди федерация раҳбари Жованни Малаго.
Эслатиб ўтамиз, июль ойи охирида ФИФА Жаҳон чемпионати трансляция ва бошқа ҳуқуқларини сотиш учун FIFA Forward Enterprise (FFE) номли янги тижорий тузилма ташкил этишни режалаштираётгани маълум бўлган эди. Кейинчалик Инфантино футбол конфедерациялари танқиди ва УЕФАга аъзо мамлакатларнинг Жаҳон чемпионатини бойкот қилиш таҳдиди фонида бу ғоядан воз кечди.













