Доминик Ливакович бугун расман «Барселона»нинг янги футболчисига айланиши кутилмоқда.
Дарвозабон сешанба куни Барселона шаҳрига етиб келган ва кеча эрталаб тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтган эди. Дастлаб клуб чоршанба куни у билан 2030 йилга қадар мўлжалланган шартнома имзоланганини расман эълон қилиши кутилганди.
Бироқ келишув чоршанба куни имзоланганига қарамай, расмий эълон пайшанбага қолдирилди. Бунга сабаб «Барселона» трансферни тўлиқ расмийлаштириш ва сўнгги бюрократик масалаларни ҳал қилиш учун «Фенербахче»дан якуний ҳужжатларни олиши кераклиги бўлди. Туркия клуби эса кеча Чемпионлар лигасида «Лион»га қарши ўйин ўтказгани сабабли барча жараёнларни бугунга қолдирди.
Шартнома имзоланганидан кейин ҳам Ливаковичнинг келажаги бўйича ноаниқлик сақланиб қолмоқда. У жамоада иккинчи рақамли дарвозабон сифатида қолиши ёки бир мавсумга ижарага берилиб, Войцех Шеснининг шартномаси тугайдиган келаси йили «Барселона»га қайтиши мумкин.
Ҳанси Флик ҳам чоршанба куни «Атлетик»ка қарши ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида бу вариантларни тасдиқлади.
Каталонияликлар Ливаковични таркибга рўйхатдан ўтказа оладими-йўқми, буни аниқлаш учун яна бир неча кун кутишлари керак. Клуб молиявий фэйр-плей талаблари доирасида етарли маблағ мавжудлигига ишонч ҳосил қилиши лозим.













