Футзал бўйича 2026/2027-йилги мавсум Ўзбекистон Суперкубоги доирасидаги “БМБ” ва “СҚБ” жамоалари ўртасидаги учрашувга жаҳон футболининг яқин ўтмишдаги ёрқин юлдузлари ташриф буюради.
Ташкилотчиларнинг хабар беришича, машҳур футболчилар Тошкентдаги “Ҳумо Арена”да ўтадиган Суперкубок учрашувини бевосита кузатиб боради. Шунингдек, улар ўйиндан сўнг ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида ҳамда мухлислар учун тайёрланган махсус тадбирларда иштирок этиши кутилмоқда.
Тошкентга келадиган футбол юлдузлари рўйхатидан бразилиялик дарвозабон Жулио Сезар, италиялик собиқ футболчилар Марко Матерацци ва Кристиан Заккардо, шунингдек, Жером Боатенг (Германия), Мигель Салгадо (Испания), Эстебан Камбияссо (Аргентина), Рикарду Куарежма (Португалия), Уесли Снейдер (Нидерландия), Оскар (Бразилия), Кевин Кураня (Германия) ва Винченцо Яквинта (Италия) каби машҳурлар ўрин олган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Суперкубоги доирасида “БМБ” ва “СҚБ” жамоалари ўртасидаги баҳс 2-сентябрь куни, соат 18:00 да бошланади.













