«Гамбург» директори Клаус Коста сешанба куни Фабиу Виейра масаласида музокаралар ўтказиш учун Гамбургдан Лондонга борди. Флориан Плеттенберг маълумотига кўра, у португалиялик ярим ҳимоячи ва «Арсенал» спорт директори Андреа Берта билан учрашган, аммо расмий музокаралар ҳали бошланмаган.
«Гамбург» ўтган мавсумни жамоада ижара асосида муваффақиятли ўтказган Виейрани қайтариш истаги жуда кучли эканини яна бир бор билдирган. Бу сафар эса фақат тўлиқ трансфер варианти кўриб чиқилмоқда.
Айни пайтда икки клубнинг молиявий талаблари ўртасида бир неча миллион евролик фарқ бор. Плеттенбергнинг таъкидлашича, музокаралар давом этмоқда, шу билан бирга португалиялик футболчига бошқа клублар ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Виейра ўтган мавсумда «Гамбург» сафида ижара асосида яхши таассурот қолдирди. У Бундеслигада 29 та учрашув ўтказиб, 7 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди.
Энди «Арсенал» футболчини сотиш ёки уни ярим ҳимоя чизиғида захира варианти сифатида жамоада олиб қолиш борасида қарор қабул қилиши керак.













