"Тоттенхэм" бош мураббийи Роберто Де Дзерби "Манчестер Сити"дан ижара асосида келган Омар Мармуш жамоанинг ҳужумдаги ўйинини янги даражага олиб чиқиши мумкин, деб ҳисобламоқда.
Клуб расмий матбуот хизматига берган интервьюсида Де Дзерби Мармушнинг амбицияси ва ривожланишга бўлган интилишини алоҳида таъкидлади.
"Омар айнан биз клубда кўришни истайдиган футболчи — амбицияли, ғалабага ташна ва ўзгариш қилишга қатъий бел боғлаган.
У ҳужумда жуда юқори сифатларга эга. Менга яна унинг ривожланиш ва ғалаба қозониш истаги ҳам жуда ёқади.
У тезлик, ақлли ҳаракат ва дарвоза олдида жиддий хавф олиб келади. Менимча, у ҳужумдаги ўйинимизни янги даражага олиб чиқиши мумкин", — деди Де Зерби.
Мармуш ҳам шимолий Лондон клубига ўтганидан кейин таассуротлари билан ўртоқлашди.
"Бу ерда бўлиш ажойиб ҳис. Жамоа билан иш бошлашдан жуда хурсандман ва мухлислар билан учрашишни интиқлик билан кутяпман.
"Тоттенхэм" Англиядаги, балки дунёдаги энг катта клублардан бири. Клубнинг лойиҳаси мен учун жуда жозибали бўлди.
Бош мураббий билан суҳбатлашдим, унинг айтганлари менга жуда ёқди. Футболга бўлган иштиёқимиз бир-бирига жуда мос тушишига ишонаман", — деди Мармуш.













