УЕФА ва Adidas компанияси эркаклар ҳамда аёллар ўртасидаги Чемпионлар лигасининг янги мавсуми учун мўлжалланган расмий тўпларни тақдим этди.
«Чемпионлар ҳеч ким кўрмаётган пайтда шаклланади, деган ғоядан илҳомланган Чемпионлар лигасининг расмий тўпи муваффақиятни белгилаб берадиган кўзга ташланмайдиган меҳнатга бағишланган. Дизайн учун совуқ ва туманли тонгда машғулот ўтказаётган футболчилар образи асос қилиб олинган: футбол майдони узра тарқалаётган туман ўзини фидо қилиш, амбиция ва ютуқларнинг визуал тимсолига айлантирилган.
Оқ фондаги металл рангли элементлар тўпга чуқурлик ва ҳажмдорлик бағишлайди. Туман Чемпионлар лигасининг машҳур юлдузлари орасидан ўтиб, нурни акс эттиради ва синдиради. Бу эса ҳар бир юлдузни ёрқин ранг чақнашлари билан порлатади.
Adidas ва Чемпионлар лигаси логотиплари тўқ пушти рангда ишланган бўлиб, дизайнга яна бир ўзига хос урғу беради. Натижада кўзга ташланмайдиган тайёргарликдан Европа клуб футболидаги энг ёрқин саҳнагача бўлган йўлни акс эттирувчи динамик визуал образ пайдо бўлди. У Чемпионлар лигасининг кенгроқ имижи билан чамбарчас боғланган», — дейилади эркаклар ўртасидаги мусобақада фойдаланиладиган тўп тавсифида.













