Мадриднинг “Реал” клуби яримҳимоячиси Эдуардо Камавинга трансфер ойнаси ёпилиши арафасида жамоани тарк этиши мумкин. 23 ёшли футболчи Жозе Моуриньо қўл остида асосий таркибдаги ўрнини йўқотган ва унга “Манчестер Юнайтед” қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Фичажес нашри хабар берди.
Моуриньо “қироллик клуби” бош мураббийи этиб тайинланганидан сўнг яримҳимоя чизиғида ўзгаришларни амалга оширди. Ҳозир бу позицияда Федерико Вальверде, Бернарду Сильва ва Жуд Беллингем асосий таркибдан жой олмоқда. Камавинга эса сўнгги учрашувларда асосан захира ўриндиғида қолиб, ўйинларнинг охирги дақиқаларида майдонга туширилмоқда.
Манбага кўра, Камавинга билан боғлиқ вазиятдан “Манчестер Юнайтед” унумли фойдаланиши мумкин. Англия клуби мавсумни муваффақиятсиз бошлади. “Қизил иблислар” АПЛнинг илк турида “Ҳалл Сити”га 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Жамоа навбатдаги учрашувда “Ипсвич” билан баҳс олиб боради.
Инсайдер Рубен Канисареснинг таъкидлашича, агар “Манчестер Юнайтед” яна очко йўқоца, клуб раҳбарияти трансфер бозорида фаол ҳаракат қилиши мумкин. Бу ҳолатда “Реал”га Камавинга учун 70–80 миллион евролик таклиф юборилиши эҳтимоли мавжуд.
Моуриньо футболчини сотишга қарши экани ва жамоа таркиби тўлиқ шаклланганини таъкидламоқда. Бироқ Камавинга учун 80 миллион евролик таклиф “Реал” расмийларининг қарорини ўзгартириши мумкин.
Трансфер бўйича якуний қарор яқин кунларда қабул қилиниши кутилмоқда. Агар Камавинга 30 август куни “Малага”га қарши учрашувда ҳам қисқа вақтга майдонга тушса, унинг “Манчестер Юнайтед”га трансфери эҳтимоли янада ошади.
Маълумот учун, Ффрансиялик футболчи 2021 йилдан буён “Реал Мадрид” сафида тўп тепмоқда. У “қироллик клуби”га “Ренн”дан 31 миллион евро эвазига кўчиб ўтган. Футболчининг клуб билан шартномаси 2029 йилгача амал қилади. Transfermarkt портали эса унинг бозор қийматини 50 миллион еврога баҳоламоқда.













