«ПСЖ» Франция Лига 1нинг 2-турида «Лилль» билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Парижликлар чемпионатнинг биринчи турида «Ренн»га қарши баҳсда бўлгани каби, бу сафар ҳам 0:2 ҳисобида ортда бораётиб мағлубиятдан қутулиб қолди.
Бу гал камбэк янада таъсирли кечди. «ПСЖ»нинг ҳар икки голи қўшиб берилган вақтда урилди — 91-дақиқада Витинья, 95-дақиқада эса Маркиньос рақиб дарвозасини ишғол қилди.
Луис Энрике жамоаси кетма-кет учинчи учрашувда ғалаба қозона олмади. Бунгача парижликлар Франция Суперкубогида «Ланс»га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган эди.
Бу «ПСЖ»нинг 2024 йил ноябрь–декабрь ойларидан буён ғалабасиз энг узоқ серияси бўлди. Ўшанда жамоа «Бавария»га 0:1 ҳисобида ютқазган, «Нант» билан 1:1, «Осер» билан эса 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган эди.
«ПСЖ» 4 сентябрь куни ўз майдонида «Монако»ни қабул қилади.













