Нидерландия Қироллик футбол иттифоқи (KNVB) расмий сайтида амалдаги ФИФА президенти Жанни Инфантиога бўлган ишонч йўқолганини маълум қилди.
«Биз 2027 йилдан бошлаб ФИФАга янги раҳбарият керак, деб ҳисоблаймиз. Бироқ президентни оддий алмаштиришнинг ўзи етарли эмас: ФИФА бошқарув тизимининг ўзи ҳам ўзгариши зарур», — дейилади Нидерландия ташкилоти баёнотида.
Нидерландияликлар Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси фаолияти бир шахснинг хоҳишига боғлиқ бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайди. ФИФА президенти, ФИФА Кенгаши, ташкилот Конгресси ва бош котибнинг вазифалари ҳамда масъулият соҳалари аниқ белгиланиши лозим.
ФИФА ирқчилик ва камситишга қарши янада фаол курашиши, шунингдек, болалар-ўсмирлар ва аёллар футболи ривожига кўпроқ маблағ ажратиши керак.
Нидерландия Қироллик футбол иттифоқи, шунингдек, дунёнинг энг оммабоп спортини келгусида ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш мумкин бўлган саммитни Амстердамда ўтказишга тайёрлигини билдирди.













