«Порту» «Тоттенхэм»нинг чап қанот ҳимоячиси Жоау Соузани ижара асосида ўз сафига қўшиб олиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Португалиянинг O Jogo нашри ва инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.
O Jogo маълумотига кўра, «аждарлар» 20 ёшли бразилиялик футболчини ижарага олиш бўйича «Тоттенхэм» билан келишувга яқинлашган. Фабрицио Романо эса томонлар трансфер бўйича барча масалаларни аллақачон келишиб олганини маълум қилди.
Гап бир йиллик бепул ижара ҳақида кетмоқда. Битимда футболчини кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи кўзда тутилмаган. «Порту» Соузага «Тоттенхэм» билан шартномаси асосида тўланадиган маошни тўлиқ ўз зиммасига олади.
Футболчи билан шахсий шартлар ҳам келишиб олинган.
«Порту» Жоау Соузани у ҳали «Сантос» сафида ўйнаган даврдан буён кузатиб келган. Португалия клубининг айнан ҳозир трансферни амалга ошириш қарорига нигериялик ҳимоячи Заиду Санусининг жароҳати ҳам таъсир қилган. У тахминан икки ойга сафдан чиққан.
«Тоттенхэм» Соузани 2026 йил январда «Сантос»дан 15 миллион еврога харид қилган эди. Бироқ шундан буён бразилиялик футболчи Лондон клуби сафида атиги 4 та учрашувда майдонга тушди.
Кутилишича, Соуза 31 август, душанба куни трансферни якунлаш учун Порту шаҳрига йўл олади.













