«Бешиктош» «Барселона» ярим ҳимоячиси Марк Касадони трансфер ойнаси ёпилиши олдидан асосий мақсадларидан бири сифатида белгилаб олди. SPORT нашри маълумотига кўра, Туркия клуби 22 ёшли футболчини сешанба куни кечқурун трансфер ойнаси ёпилгунига қадар ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилмоқда.
Касадо янги мавсум учун Ханси Фликнинг режаларига кирмайди ва трансфер ойнаси ёпилишига қадар «Барселона»ни тарк этиши кутилмоқда. У ёзнинг катта қисмида асосий жамоадан алоҳида машғулот ўтказган, айни пайтда агенти Жорже Мендеш футболчи учун муносиб клуб изламоқда.
«Бешиктош» Касадони кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олиш вариантини кўриб чиқмоқда. «Барселона» эса футболчидан сезиларли даромад олиш имконини берадиган формулани афзал кўрмоқда.
Каталонияликлар Касадонинг иқтисодий ҳуқуқларининг маълум қисмини сотиб, футболчи устидан назоратни сақлаб қолиш вариантини ҳам кўриб чиқиши мумкин. Бу аввал Эктор Фортнинг «Реал Сосьедад»га ўтишида қўлланган схемага ўхшаш.
Касадо Испания миллий терма жамоасида ҳам ўйнагани боис, «Барселона» уни Форт учун олинган 8,5 миллион евродан қимматроқ баҳолаши кутилмоқда.
«Бешиктош» шунингдек, «Сельта» футболчиси Илайш Мориба ва «Бенфика» ярим ҳимоячиси Ричард Риос вариантларини ҳам кўриб чиққан, аммо Касадо ҳануз биринчи танлов бўлиб қолмоқда.
Касадонинг «Барселона» билан шартномаси 2028 йилгача амал қилади. Унга Европанинг бир қатор клублари қизиқиш билдирган. Саудия Арабистонидан эса қиймати 40 миллион еврогача етадиган жозибадор таклифлар келиб тушгани айтилмоқда.
Шунга қарамай, футболчи рақобат кучли бўлган Европа чемпионатида қолишни афзал кўрмоқда. Англия Премьер-лигаси клублари ҳам унга қизиқиш билдирган, Касадонинг ўзи эса Туркияга кўчиш масаласида ҳали иккиланмоқда.
Шунингдек, Касадо «Барселона»нинг асосий жамоасида рақамсиз қолган. 17-рақам энди Энтони Гордонга берилган. Футболчининг келажаги сешанба куни трансфер ойнаси ёпилишига қадар ҳал бўлиши кутилмоқда.













