Мадриднинг «Реал» клуби ёзги трансфер ойнаси 1 сентябрь, сешанба куни ёпилгунига қадар бошқа футболчи харид қилмайди. Бу ҳақда журналист Хосе Феликс Диас хабар берди.
Бу қарор ярим ҳимоя ва марказий ҳимоя чизиғини кучайтириш бўйича давом этаётган миш-мишларга қарамай қабул қилинган.
«Реал» аввалроқ яна бир ярим ҳимоячи ҳамда чап оёқда ўйнайдиган марказий ҳимоячини таркибга қўшиш имкониятини ўрганиб чиққан. Родри ва Алессандро Бастони устувор номзодлар сифатида тилга олинган эди. Бироқ трансфер ойнаси ёпилгунига қадар бу позицияларнинг ҳеч бири кучайтирилмайди.
Мадридликлар бу ёзда Марк Кукурелья, Ибраима Конате, Бернарду Силва, Дензел Думфрис ва Ян Диомандени ўз сафига қўшиб олди. Диоманде бонуслар билан бирга 140 миллион еврогача бўлган сумма эвазига келиб, клуб тарихидаги энг қиммат трансферга айланди.
Шунингдек, «Реал» «Расинг Сантандер»дан 19 ёшли ярим ҳимоячи Серхио Мартинесни ҳам харид қилди. Дастлаб у «Кастилья» таркибида ривожланиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, трансфер ойнаси ёпилгунига қадар жамоадан кетишлар ҳали ҳам бўлиши мумкин. Эдуарду Камавингага Англия Премьер-лигаси клублари қизиқиш билдирмоқда, аммо футболчи ҳозирча кетишни истамаяпти.
Рауль Асенсио ҳам трансферга қўйилган, бироқ у ҳам Испаниядан кетишга шошилмаяпти.













