«Барселона» бош мураббийи Ханс-Дитер Флик Ла Лиганинг «Райо Вальекано»га қарши 5:2 ҳисобидаги ғалабасидан сўнг Ламин Ямалнинг ўйинига юқори баҳо берди.
19 ёшли футболчи учрашув қаҳрамонларидан бири бўлди. У Рафинья Диас каби дубль қайд этди.
«Ламин доим ривожланишни истайди. Мен ундан жуда мамнунман. Унинг қанчалик яхши футболчи экани шунчаки ҳайратланарли. Менимча, у ҳозир ақл бовар қилмас даражани намойиш этмоқда», — деди Флик.
Мураббийнинг сўзларини Barca Universal келтирди.
Ушбу ўйинда Ямал яна бир тарихий натижага эришди. У клуб миқёсида 50 та голлик маррага етган Испания футболи тарихидаги энг ёш футболчига айланди.
«Барселона» Ла Лиганинг навбатдаги турида 6 сентябрь куни сафарда «Валенсия»га қарши майдонга тушади.













