«Барселона» ҳужумчиси Ҳамза Абделкарим кеча «Райо Вальекано»га қарши Ла Лига 3-тур учрашувида захирадан майдонга тушиб, Испания чемпионатидаги дебютини ўтказди. Каталонияликлар баҳсда 5:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
18 ёшли футболчи ўзи учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган ушбу лаҳза ҳақида фикр билдирди.
«Дебют қилганимдан жуда хурсандман ва бундай имкониятлар яна кўп бўлишига умид қиламан.
Стадионда жуда кўп мухлис бор эди ва майдонга тушиш имконияти мени қаттиқ ҳаяжонлантирди. Бу жуда кучли ҳиссиёт эди. Уни яна ва яна бошдан кечиришни истайман.
Жамоага имкон қадар кўпроқ ёрдам бериш ва барча совринларни қўлга киритишни хоҳлайман», — деди Абделкарим.
Мисрлик ёш иқтидор шунингдек ушбу учрашувда дубль қайд этган Ламин Ямални ҳам алоҳида мақтади.
«У ажойиб инсон. Барчамиз биламизки, у майдоннинг қайси нуқтасида бўлмасин, доимо бор кучини беради. Унинг оёқларида сеҳр бор. У жамоа ва мухлислар учун ўйнайди», — дея қўшимча қилди Абделкарим.













