Сўнгги кунларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда “Андижон” футбол клуби янги мавсум учун бош мураббийлик лавозимига турли мутахассислар, хусусан, “Насаф” устози Рўзиқул Бердиев билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Жамоа матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот билан чиқди.
Қайд этилишича, айни пайтда клуб раҳбарияти бош мураббийлик масаласида бошқа мутахассислар билан ҳеч қандай музокара ўтказмаяпти. Аксинча, жамоанинг амалдаги мураббийлар штабига тўлиқ ишонч билдирилган.
“Жамоа белгиланган режа асосида мавсумни муваффақиятли якунлаш ва олдинда турган мақсадларга эришиш йўлида иш олиб бормоқда”, дейилади хабарда.
Шу муносабат билан, клуб оммавий ахборот воситалари ҳамда мухлислардан турли тасдиқланмаган миш-мишларга эмас, балки фақат жамоанинг расмий ахборот каналларида эълон қилинаётган маълумотларга таянишни сўраган. Таъкидланишича, клуб ҳаётига оид барча муҳим янгиликлар, жумладан, мураббийлар штаби, жамоа таркиби ва трансферларга тааллуқли хабарлар фақат жамоа матбуот хизмати томонидан расман эълон қилиб борилади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Суперлигасининг 19-туридан кейин “Андижон” 27 очко билан 7-ўринни банд этган. 2026-йилги мавсум бошида “бургутлар” бошқарувига тажрибали мутахассис Самвел Бабаян келган эди, аммо ёмон натижалар сабаб томонлар шартномани бекор қилишга қарор қилди. Айни пайтда клубни Ислом Аҳмедов бошчилигидаги мураббийлар штаби бошқармоқда.













