"Челси" Англия Премьер-лигасининг 2-турида "Брайтон энд Хоув Альбион"ни 4:3 ҳисобида мағлуб этди, аммо учрашувда клуб учун тарихий даражада паст статистик кўрсаткичлар қайд этилди.
OptaJoe маълумотига кўра, лондонликлар баҳс давомида тўпга атиги 25,6 фоиз вақт эгалик қилган. Бу "Челси"нинг Англия Премьер-лигасида камида 2003/04 йилги мавсумдан буён қайд этган энг паст кўрсаткичи ҳисобланади.
Шунингдек, "Челси" футболчилари ўйин давомида атиги 146 та аниқ узатма амалга оширган. Бу ҳам статистика юритила бошланган 2003/04 йилги мавсумдан бери клубнинг АПЛдаги энг паст натижаси бўлди.
Жамоанинг узатмалар аниқлиги эса 67 фоизни ташкил қилди.
Бу "Челси"нинг Англия чемпионатидаги уй учрашувлари орасида 2004 йил февралидан бери энг паст кўрсаткичдир. Ўша пайтда лондонликлар "Чарльтон"ни 1:0 ҳисобида мағлуб этган ва узатмалар аниқлиги 65,9 фоизни ташкил қилган эди.













