"Бавария" ёзги трансфер ойнасида нисбатан сокин ҳаракат қилди. Мюнхенликлар ПСВдан Исмоил Сайбари ва "Айнтрахт"дан Натаниэль Браунни тахминан 50 миллион евродан харид қилди.
Жамоа ўтган мавсумдаги асосий таркибини деярли сақлаб қолгани сабаб, "Бавария"нинг собиқ ҳимоячиси Маркус Баббель клубнинг бу ёндашувини тўлиқ қўллаб-қувватлади.
"Мукаммал 10 балл. Улар фақат керакли ишларни қилишди", — деди Баббель RTL/Sky'га.
Унинг фикрича, "Бавария" кўплаб янги футболчиларни олиб, жамоадаги уйғунликни бузиш ўрнига, аниқ позицияларга мос трансферларни амалга оширгани тўғри бўлган.
Баббель спорт директори Макс Эберлнинг фаолиятига ҳам юқори баҳо берди. Эберлнинг шартномаси яқинда узоқ музокаралардан кейин узайтирилган эди.
"Макс келганидан бери жуда яхши ишлаяпти. У тўғри мураббийни топди, клубда хотиржамлик ва амбиция яна қайтди", — деди собиқ футболчи.
Баббель, шунингдек, Эберл ва Венсан Компани ўртасидаги муносабатни ҳам алоҳида таъкидлади.
"У мураббий билан яхши муносабатга эга. Улар бир тилда гаплашади", — дея қўшимча қилди у.













