«Шальке-04» кузатув кенгаши раиси Алекс Хефер «Бавария» дарвозабони Мануэль Нойер футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг клубга қайтиши мумкинлигини истисно қилмади.
40 ёшли Нойер жорий мавсум якунида фаолиятини тугатиши мумкин. «Шальке»нинг «Бавария»га қарши шанба куниги ўйини олдидан Хефер дарвозабон аввало футболдан кейинги бўш вақтини мазмунли ўтказиши, шундан сўнг келажакда нима билан шуғулланишини ҳал қилиши кераклигини айтди.
«Шундан кейин у ўзининг эски уйидами ёки янги уйидами ишлайди — буни Нойернинг ўзи ҳал қилиши керак», — деди Хефер Bild нашрига берган интервьюсида.
Нойер Гельзенкирхенда туғилган ва «Шальке» футбол академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. Унинг 2011 йилда «Бавария»га ўтиши клубнинг кўплаб мухлисларида норозилик уйғотган эди. Бироқ Хефер бу келишмовчиликлар аллақачон ўтмишда қолган, деб ҳисоблайди.
«Клуб сифатида биз унинг фаолияти билан фахрланишимиз мумкин. Унинг кетиши бироз баҳсли кечган эди, аммо шахсан мен ҳар ким хато қилиши мумкин, айниқса ёшликда, деб ҳисоблайман», — деди Хефер.
Аввалроқ «Бавария» президенти Герберт Хайнер ҳам клуб собиқ футболчиларини фаолияти якунланганидан кейин ишга жалб қилишни исташини айтган эди. Унинг фикрича, бундай мутахассислар катта тажрибага ва клуб ҳамда профессионал футболни чуқур тушуниш қобилиятига эга.













