«Тоттенхэм»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Ив Биссума «Челси»га таклиф қилинди. Бу ҳақда The Sun нашри хабар берди.
Манба маълумотига кўра, 30 ёшли Мали терма жамоаси футболчиси Энцо Фернандеснинг ўрнига муносиб номзод сифатида кўрилмоқда. «Челси» аргентиналик футболчини сотганидан сўнг унинг ўрнига янги ярим ҳимоячи харид қила олмади.
Англияда трансфер ойнаси аллақачон ёпилган бўлса-да, Биссума ёзда «Тоттенхэм»ни тарк этган ва айни пайтда эркин агент мақомига эга. Шу боис «Челси» уни трансфер ойнасидан ташқарида ҳам ўз сафига қўшиб олиши мумкин.
Шунингдек, Биссумага «Аякс» ва «Монако» томонидан ҳам қизиқиш борлиги қайд этилмоқда. Бироқ футболчининг ўзи фаолиятини Англияда давом эттиришни истамоқда.
Ив Биссума 2022 йилдан буён «Тоттенхэм» шарафини ҳимоя қилиб келган. У лондонликлар сафида барча мусобақаларда 111 та ўйин ўтказиб, 2 та гол урган.













