«Ливерпуль» январь ойида «Кристал Пэлас» ярим ҳимоячиси Исмаила Саррни харид қилиш учун яна бир бор уриниб кўриши мумкин. Бу ҳақда Football Insider хабар бермоқда.
Манба маълумотига кўра, 28 ёшли сенегаллик футболчи ёзги трансфер ойнаси давомида «қизиллар»нинг асосий қизиқиш объектларидан бири бўлган. У сўнгги мавсумларда «Кристал Пэлас» сафидаги ўйини билан «Ливерпуль» раҳбариятида яхши таассурот қолдирган.
Саррнинг ўзи ҳамон «Ливерпуль»га ўтишни истамоқда ва яқин ойларда клубнинг қизиқиш доирасида қолади. Бироқ январга қадар мерсисайдликларнинг режалари ўзгариши мумкин. Айниқса, Коди Гакпонинг «Манчестер Сити»га трансфери амалга ошмай, жамоада қолгани бу қарорга таъсир қилиши эҳтимол.
«Ливерпуль» Сарр учун камида икки марта таклиф юборган. Сўнгги таклиф миқдори тахминан 59 миллион евро бўлган, аммо «Кристал Пэлас» ҳар икки таклифни ҳам рад этган.
Саррнинг агенти Диоманси Камара футболчига «Ливерпуль»га ўтиш имкони берилмаганидан норозилигини билдириб, африкалик футболчиларнинг фаолиятига оид орзу ва мақсадларига ҳурмат билан қарашга чақирди.
«Ҳар бир шартнома ортида инсон, унинг фаолияти, орзулари ва ҳаётий танловлари туради. Футболчи ўз келажагини белгилайдиган қарорларда ўз фикрини билдириш ҳуқуқига ва ҳурматга эга бўлиши керак», — дейилади агент баёнотида.
Исмаила Сарр 2024 йил августидан буён «Кристал Пэлас» сафида тўп тепмоқда. Унинг клуб билан шартномаси 2029 йил 30 июнга қадар амал қилади.
2025/26 йилги мавсумда футболчи 43 та учрашувда 21 та гол урди ва 1 та голли узатма берди.
Transfermarkt Саррнинг трансфер қийматини 45 миллион еврога баҳоламоқда.













