«Барселона» ярим ҳимоячиси Педри жамоада юқори сермаҳсулликка эга марказий ҳужумчи йўқлиги ҳақида фикр билдирди.
Каталонияликлар ёз давомида «Атлетико» ҳужумчиси Хулиан Альваресни қўлга киритишга умид қилганди, аммо якунда бошқа вариантга ўтишга мажбур бўлди ва трансфер ойнаси ёпилишидан олдин Габриэл Жезусни сафга қўшиб олди.
Ла Лиганинг «Валенсия»га қарши ва 5:0 ҳисобида якунланган якшанба кунги баҳсида эса ҳужум марказида яна номинал вингер Рафинья Диас ҳаракат қилди.
«Одамлар доим жамоада бир мавсумда 40 та гол урадиган футболчини кўришни хоҳлайди. Аммо менимча, биз голлар етишмаслигидан қийналмаймиз», — дея Педрининг сўзларини BarcaTimes келтирди.
«Барселона» Ла Лиганинг дастлабки 4 турида 12 очко жамғариб, турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Каталонияликлар 17 та гол уриб, ўз дарвозасидан атиги 2 та тўп ўтказиб юборган.













