“Бунёдкор” стадиони қарздорлик туфайли 4-сентябрь санасидан бошлаб электр таъминотидан тўлиқ узиб қўйилгани ҳақида аввал хабар берилганди. ПФЛ маълум қилишича, қарздорлик миқдори қарийб 2 миллиард сўмга етган.
“Бунёдкор” клуби бразилиялик футболчи Ривалдо ва япониялик футболчи Итсуки Уратадан қарздорлиги туфайли ФИФА томонидан қўйилган тақиқга эга.
“Бунёдкор” клуби ҳам, стадиони ҳам ишчилардан, солиқлардан, коммунал тўловлардан қарздор.
2025-йилги концерт дастуридан сўнг майдон чими қайта тикланди. Ва эндиликда стадион чим ётқизган компаниядан ҳам қарздор. Қарз юки янги чимни ҳам деярли нобуд қилди.
Эндиликда электр энергиясига тўланиши керак бўлган қарздорлик миқдори қарийб 2 миллиард сўмга етган ва жорий йилнинг 4-сентябридан эътиборан стадион электр таъминотидан узиб қўйилди. “Бунёдкор” бино ва иншоотларни ижарага беришдан пул ишлашга ўтган бир вақтда ижарачилар ҳам уни тарк этиш ҳаракатига тушди.
“Сиз ҳеч бўлмаганда 1 000 сўм ёки имкониятингиз даражасида пул ўтказиш орқали стадионга мазкур мураккаб вазиятдан чиқиб кетиши учун ёрдам беришингиз мумкин” дейилади ПФЛ хабарида.
Аввалроқ “Бунёдкор” стадионида ижара асосида фаолият юритадиган Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси электр таъминоти узилгани сабабли вақтинча масофадан ишлаш режимига ўтгани хабар қилинганди.













