«Тоттенхэм» ҳужумчиси Ришарлисон Лондон клуби билан шартномасини бекор қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда The Athletic хабар берди.
Аввалроқ бразилиялик футболчи «Тоттенхэм»нинг 2026/27 йилги Англия Премьер-лигаси учун қайдномасига киритилмаган эди.
Манбага кўра, Ришарлисоннинг ўзи клуб раҳбариятига жамоани тарк этиш истагини билдирган. Шундан сўнг «Тоттенхэм» уни мавсум учун қайдномага киритмаган. Бироқ ҳужумчига янги клуб топишнинг иложи бўлмаган.
Айни пайтда 29 ёшли футболчи ва унинг вакиллари «Тоттенхэм» билан амалдаги шартноманинг қолган қисмини бекор қилиш учун судга даъво киритиш имкониятини ўрганмоқда.
Ришарлисон 2022 йил ёзидан буён «Тоттенхэм» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг клуб билан шартномаси 2027 йил июнь ойигача амал қилади.
Ўтган мавсумда ҳужумчи барча мусобақалар ҳисобида 43 та ўйинда майдонга тушиб, 12 та гол урди ва 5 та голли узатмани амалга оширди.
Transfermarkt портали Ришарлисоннинг бозор қийматини 25 миллион еврога баҳоламоқда.













