«Арсенал» бош мураббийи Микель Артета футболчилар билан ишлашда қўллайдиган ноодатий усуллари ҳақида гапирди.
Шу ҳафта «канонирлар» Чемпионлар лигасидаги ўйин учун Неаполга учиш олдидан рейс кечикишига дуч келди. Артетанинг айтишича, у футболчиларни шундай вазиятларга тайёрлаш мақсадида машғулот жараёнида атайлаб айрим қийинчиликларни юзага келтиради.
«Менга бундай синовлар ёқади. Мавсумолди тайёргарлик пайтида шунга ўхшаш ҳолатларни атайлаб ташкил қилишга ҳаракат қиламан, токи жамоада бундай тажриба бўлсин.
Поезд кечикса ёки рейсга кеч қолсак, жамоа ва мураббийлар штаби ваҳимага тушишини истамайман. Вазиятга мослашиш, шикоят қилмаслик ва баҳона қидирмаслик керак.
Биз атайлаб овқатланиш вақтини кечиктирамиз, транспортни ушлаб турамиз, йўналишларни ўзгартирамиз, кийиниш хонасини иссиқ қилиб қўямиз, ҳатто каравотлар сонини камайтирамиз. Буларнинг барчаси турли шароитларга мослаша олишимиз учун қилинади.
Энг муҳими, ўйин куни жамоа учун ҳеч қандай кутилмаган ҳолат бўлмаслиги керак», — деди Артета матбуот анжуманида.
Шанба куни «Арсенал» Англия Премьер-лигаси доирасида сафарда «Сандерленд»га қарши майдонга тушади.













