Марокаш футбол федерацияси раҳбари Фаузи Лекжа 2030-йилги Жаҳон чемпионатининг ҳал қилувчи ўйини қаерда ўтказилиши кераклигини айтди. Унинг таъкидлашича, финал учрашувини ҳозирда қурилиши давом этаётган ва 115 минг мухлисни сиғдира оладиган улкан стадион қабул қилади.
Лекжанинг маълум қилишича, мазкур баҳс Касабланка шаҳри яқинидаги Бенслиман провинциясида бўлиб ўтади:
“ЖЧ—2030 финалини қабул қилишдек шараф айнан Бенслиман провинциясига насиб этади деб умид қиламан. Шундай экан, келгусида ҳукумат таркибидан жой оладиган ҳар қандай раҳбар олдида фақат бир йўл қолади — ушбу ҳудудни жадал ривожлантириш”, дейди Лекжа.
Маълумот ўрнида, Касабланка шаҳри яқинидаги Бенслиман провинциясида “Ҳасан II” номидаги муҳташам арена барпо этилмоқда. 115 минг ўринга мўлжалланган мазкур объект қуриб битказилгач, дунёдаги энг йирик футбол стадионига айланади.
Қизиғи шундаки, Халқаро футбол федерацияси (FIFA) финал учрашуви айнан қаерда ўтишини ҳали расман тасдиқлаганича йўқ. Шунингдек, бу борада Марокашнинг асосий рақобатчиси Испания бўлиб турибди. Испания футбол федерацияси финал ўйинини айнан ўз мамлакатида қабул қилиши кераклигини доимий равишда таъкидлаб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ—2030 баҳсларининг асосий қисмига Марокаш, Португалия ва Испания мезбонлик қилади. Дастлабки мундиалнинг 100 йиллиги муносабати билан мусобақанинг учта ўйини Жанубий Америкада — Парагвай, Уругвай ва Аргентинада бўлиб ўтади.













