«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ машҳур футболчиси Райан Гиггз ҳозирги «Арсенал» таркибида қайси футболчи унга энг кўп ёқиши ҳақида гапирди.
Уэльслик собиқ футболчи мавсум бошида таъсирли ўйин кўрсатаётган «канонирлар» сардори Мартин Эдегорни алоҳида қайд этди.
«Ҳозир у ҳамма нарсани назорат қилаётгандек туюлади: тўп учун ҳимоячилар тўртлиги ёнига тушишга ҳам, рақиб ҳимоячилари ортига югуриб киришга ҳам улгуради. У гўёки майдоннинг ҳар бир жойида бордек», — дея Гиггзнинг сўзларини Arsenal Radar келтирмоқда.
Мартин Эдегор жорий мавсумда Микель Артета жамоаси сафида 6 та ўйинда 4 та гол урди.
Сешанба куни «Арсенал» Лига кубогининг учинчи босқичида сафарда «Ипсвич»га қарши ўйнайди.













