"Барселона" ҳужумчиси Леонел Месси ва унинг отаси Хорхе солиқларни тўламаганликда айбланиб суд олдида жавоб бердилар. Бу ҳақда SFGate шундай ёзади.
Аввалига аргентиналик юлдузнинг отаси саволларга жавоб қайтарган бўлса, орадан ярим соат ўтиб футболчининг ўзига навбат берилган.
Ишнинг қандай бораётгани тўғрисида Леонел ва Хорхе Мессиларнинг оилавий адвокати Кристобаль Мартель шундай дейди: "Мессилар оиласи очиқ-ойдин гапиришни ва ҳамкорликда ишлашни афзал кўришмоқда. Бугун ҳаммаси ана шундай руҳда ўтди.
Шубҳасиз, бу ерда ҳеч қандай қаллоблик бўлмаган. Шунчаки солиқ билан боғлиқ ҳал этилмаган муаммолар бор, холос", деди Мартель.
Эслатиб ўтамиз, ота-бола Мессилар 2006-2009 йиллар давомида Испания давлат солиқ органларида 4 миллион евро миқдорда маблағни тўлашмаганликда айбланмоқда. Аввалроқ футболчи ҳеч қандай қонунбузарликка йўл қўймаганини таъкидлаб чиққанди.













